Аниқ фанларни ўқитишда интерфаол ўқитиш методлари
ТОШКЕНТ – 2011
Тузувчи: ЮНИСЕФ ташкилоти
РТМ ишчи гуруҳи томонидан экспертиза қилинган.
Интерфаол ўқитишнинг машқлари ва услублари
Замонавий дидактика жадал ривожланиб, ўзгараётган жамиятнинг талаблари ва таълимдаги амалий ишланмаларни акс эттирувчи янги ёндашувлар, таълим бериш технологиялари билан бойимоқда.
Таълим беришнинг назарияси ва амалиётида ўқувчиларнинг билим олиш ҳаракатларини фаоллаштириш энг долзарб муаммолардан бири бўлган. Кейинги вақтларда педагогларнинг диққати билим орттиришнинг мулоқот юритиш шаклига асосланган ўқитишнинг интерфаол шакл ва услубларини ўзлаштиришга қаратилган. Таълим бериш жараёни қуйида кўрсатилган талабларга амал қилган тақдирда самарали бўлиши ва яхши натижалар бериши амалда исботланган:
- Ўқувчилар таълим олиш учун очиқ ва таълим жараёнининг бошқа иштирокчилари билан муносабат ва ҳамкорликка фаол киришиб кетадилар;
- Ўз фаолиятини таҳлил қилиш ва шахсий салоҳиятини амалга ошириш учун имконга эга бўладилар;
- Улар яқин вақт ичида ўз ҳаётида ва профессионал фаолиятида дуч келиши муқаррар бўлган вазиятга амалий жиҳатдан тайёрланиб олишлари мумкин;
- Ўзларига ишонишлари, ўзларини ифодалашга қўрқмасликлари, хатога йўл қўйишлари мумкин, қачонки улар бунинг учун муҳокама қилинмасалар ва салбий баҳоланмасалар.
Таълим олиш жараёнининг барча иштирокчиларининг мулоқот, кооперация ва ҳамкорлик қилишига асосланган билим беришнинг интерфаол тартиби қўлланилганда, юқорида келтирилган талабларнинг деярли барчасига амал қилинади.
Ушбу тўпламда жаҳон амалиётида қўлланиладиган ўқувчиларга интерфаол билим беришнинг машқлари, услублари ва йўллари жамланган.
Аквариум
Таърифи.
- 5-6 нафар иштирокчилар раҳбар билан бирга доира шакли бўйлаб ўтирадилар. Улар – «балиқлар». Уларнинг атрофига гуруҳнинг қолган иштирокчилари ўтирадилар (ёки турадилар). Улар – «балиқ овчилари».
- Ички доира аъзолари («балиқлар») ўқитувчи таклиф қилган саволни фаол муҳокама қиладилар. “Балиқ овчилари” эса кузатиб турадилар ва саволни муҳокама қилаётган бирон ўқувчининг фикри уларни қизиқтириб қолганда жараёнга киришадилар: қўшимча қиладилар, савол берадилар, аниқлаштирадилар. Шунда «балиқ овчиси» фикри уни қизиқтириб қолган «балиқ»нинг ёнига туриб олиши керак.
- Бир муаммонинг (масаланинг) муҳокамаси тугаганидан сўнг иштирокчилар жойлари билан алмашадилар (доирадан ташқарида турганлар энди доира бўйлаб ўтирадилар). Барча иштирокчилар доирада ўтиришлари мақсадга мувофиқдир.
Фойдаланиш доиралари.
Табиий ва аниқ фанларни ўрганиш жараёнларида қўлланилади.
Афзалликлари.
Иштирокчиларга норасмий шароитда фикр алмашишга, берилган муаммони (масалани) ҳал қилиш бўйича ўз нуқтаи назарларини баён этишга имкон яратади. Муҳокама жараёнига эркин қўшилиш ва ундан чиқиб кетишга имкон беради. Таҳлилий фикрлаш, эътибор жамлаш ва кузатувчанликни ривожлантиради. Нутқни ва тескари алоқа техникасини ривожлантиради.
Қийинчиликлари.
Муаммони муҳокама қилишда барча ўқувчилар фаол иштирок этиш жараёнида баҳс-мунозалар, низолар юзага келиши мумкин. Шу боис ўқитувчи яхши тайёрланиши ва кучли қарама-қаршиликлар пайдо бўлишига йўл бермайдиган услубларни билиши лозим.
Аниқ назорат бўлишини талаб қилади. Жараён давомида айрим ўқувчилар ундан чиқиб қолишлари (жараёнда иштирок этмасликлари) мумкин. Ўқитувчи муаммони муҳокама қилишга барча ўқувчиларни жалб қилиш усулларини ўйлаб чиқиши керак.
2. Балиқ скелети
Таърифи
Муаммони қўйиш ва ҳал қилишнинг мазкур модели бир қатор муаммоларни таърифлаш ва ечиб кўришга имкон беради.
Стратегия:
- Бир варақ оқ қоғозда (ватман ёки А-3 варағи) балиқ скелети чизилади (боши, кемирчаги, қовурғалари).
- Юқоридаги «суягига» муаммо ифодаланиши, пастидагига эса – ушбу муаммо мавжудлигини (ёки уни ҳал қилиш йўлллари, ўқитувчи ўз олдига қўйган мақсадга қараб) исботловчи фактлар ёзиб қўйилади.
- Тўлдирилган схеманинг тақдимоти.
Фойдаланиш доиралари
Табиий ва аниқ фанларда, муаммоли таълим бериш услубидан фойдаланганда.
Афзалликлари
Ушбу схема муаммоларнинг ўзаро боғлиқлиги, уларнинг комплекс хусусиятларини акс эттиради.
Қийинчиликлар
Муаммоларни ифодалашда қийинчиликларга дуч келиш мумкин.
3. Венн диаграммаси (РКМЧП услубиятидан)
Таърифи
Иккита бир-бири билан кесишган доиралар кўринишидаги схема, фактлар, ҳодисалар, ғоялар, тарихий қаҳрамонларни таққослаш учун қўлланилади. Айланма диаграмма. Ҳар бир доирадаги бўш жойлар тафовутларни ёзиш учун ишлатилади; доиралар кесишганда ҳосил бўлган умумий майдон икки солиштирилаётган ҳодисаларнинг (фактлар, тушунчалар ва ҳоказолар) умумий жиҳатларини қайд қилиш учун фойдаланилади.
Фойдаланиш доиралари
Табиий ва аниқ фанларни ўқитишда саволларни маълум ўқув мавзусига ва ҳар қандай ёшдаги ўқувчилар гуруҳларига мослаштиришда ҳам индивидуал, ҳам гуруҳ бўлиб ишлаш учун қўлланилади.
Афзалликлари
Танқидий фикрлаш кўникмаларини ривожлантиради, предметлар, ҳодисалар ва шу кабиларнинг ҳам фарқи, ҳам ўхшаш жиҳатларини аниқлашга ёрдам беради.
Қийинчиликлар
Аниқланмаган.
4. Ҳа-йўқ машқи
Таърифи
Ўқитувчи бир нима (рақам, предмет, адабий ёки тарихий қаҳрамон ва ш.ў.) ни ўйлаб қўяди.
Ўқувчилар эса унга савол бериб, у нимани ўйлаб қўйганлигини топишга ҳаракат қиладилар. Ўқитувчи уларнинг саволларига фақат “Ҳа”, “Йўқ”, “Ҳам ҳа, ҳам йўқ” сўзлари билан жавоб беради.
Савол ножўя берилган ёки ўқитувчи дидактика мақсадларидан келиб чиқиб, саволга жавоб беришни хоҳламайдиган вазиятлар юзага келиши мумкин. Шунда у олдиндан белгиланган ишора билан жавоб беришдан воз кечади.
Машқ якунланганидан сўнг албатта қандай саволлар кучли, қандайлари кучсиз ва нима учунлиги юзасидан қисқа муҳокама ўтказиш шарт.
Машқнинг мақсади – болаларни саволларни тартибсиз беришга уринтирмасмасдан, уларни излаш стратегиясини ишлаб чиқишга ўргатишдан иборатдир.
Фойдаланиш доиралари
Табиий ва аниқ фанларда қўлланилади, ўқувчиларда билим олишга бўлган қизиқишни ривожлантиради.
Афзалликлари
Ўқувчиларда фаол билим олиш нуқтаи назарини мустаҳкамлайди ва қуйидагиларга ўргатади:
- тарқоқ ҳолатдаги фактларни ягона бир шаклга боғлаш;
- мавжуд бўлган маълумотларни тизимлаштириш;
- ўқувчиларни тинглаш ва фикрларини эътиборга олиш.
Қийинчиликлари
Барча ўқувчиларни ҳам дарс жараёнига жалб қила олмаслик (баъзан).
5. Учта тўғри ва битта нотўғри
Таърифи
Ҳар бир иштирокчи бир варақ қоғозда ўрганилаётган ёки ўрганилган мавзу бўйича учта тўғри фикр ва битта нотўғри фикрни ёзади. Иштирокчилар жуфтликларга тўпланадилар, варақлар билан алмашадилар ва қайси фикр нотўғри бўлган эканлигини аниқлайдилар.
Фойдаланиш доиралари
Уй ишини текшириш вақтида, табиий ва аниқ фанларда мавзуни мустаҳкамлашда фойдаланиш мумкин.
Афзалликлари
Кузатувчанликни ривожлантиради, ахборотни танлаб олиш кўникмасини ишлаб чиқади, болаларни хато топиш ва фикрларни ифодалашга ўргатади, ўқитувчига ўқувчиларнинг билимларини текширишга имкон беради.
Қийинчиликлари
Материални ўзлаштириб ололмаган болалар топшириқни уддалай олмасликлари хавфи бор. Ўқитувчига фикрлар аниқлиги ва тўғрилигини кузатиш, машқни ўтказиш учун вақтни мўлжаллаб олиш қийин, чунки ўқувчиларда кўпинча фикрларни аниқ ифодалаш кўникмаси мавжуд бўлмайди.
6. Мақсад сари бир қадам
Таърифи
Машқ қўйилган мақсадга эришиш учун амалга ошириш мумкин ва лозим бўлган ҳаракатларни аниқлаштиришга қаратилган. Иштирокчилардан горизонтал чизиқ чизиш ва унда тенг масофада 11та нуқта қўйиш ва уларни 0дан 10гача бўлган рақамлар билан белгилаб чиқиш илтимос қилинади. Бу чизиқ мақсадга эришиш йўлини ифодалайди.Чап томондаги нуқта (0) мақсадга умуман эришилмаганлигини акс эттиради, ўнг томондаги чизиқ эса (10) мақсадга бутунлай ва энг муваффақиятли равишда эришилганлиги вазиятидан дарак беради. Иштирокчилардан ушбу ҳар бир икки нуқтанинг олдида энг ёмон ва энг яхши вазиятни таърифлайдиган бир неча сўзларни ёзиш илтимос қилинади.
Шундан сўнг иштирокчилардан ҳосил бўлган шкала ёрдамида ўзларининг ишдаги аҳволларини – улар мақсадга қанчалик яқинлашиб қолганларини баҳолаш илтимос қилинади. Иштирокчилар тегишли рақамни белгилайдилар ва унинг ёнида ишларнинг жорий аҳволини ифодалайдиган бир неча сўзларни ёзадилар. Кейин эса улардан уларнинг ҳозирги вазиятини акс эттирадиган нуқтадан навбатдаги нуқтагача стрелка чизиш илтимос қилинади. «Бу мақсадингизга эришиш учун энг қисқа йўл. Ҳозирча бу мақсадга тўлиқ эришиб бўлмаса-да, бироқ ҳеч бўлмаса бу қадамни амалга ошириш мумкин ва керак. Бу қадамни амалга ошириш учун сиз қандай аниқ ҳаракатларни қилишингиз мумкин ва айнан қачон сиз буни бажаришингизни ўйлаб кўринг ва ёзиб олинг».
Фойдаланиш доиралари
Табиий ва аниқ фанларни ўқитишда, саволларни маълум ўқув мавзуси ва турли ёшдаги ўқувчилар гуруҳига мослаштиришда.
Афзалликлари
Ушбу машқ масалаларни аниқлаштириш қобилиятини ривожлантириш ва унга эришиш йўлидаги қадамларни тушунишга ҳамда мулоҳазалар юритишдан аниқ ҳаракатларга ўтишга имкон беради. Кўпинча одам истаётган мақсадига керакли хусусиятлар ва шароитларга эга бўлмаганлиги учун эмас, балки мақсад унинг учун жуда йрик бўлиб кўринганлиги ва одам унга эришиш жараёнини ҳозирнинг ўзидаёқ қилиш мумкин ва лозим бўлган аниқ ҳаракатларга, босқичларга ажрата олмаслиги учун эришолмайди. Машқ ушбу чекловни ҳеч бўлмаса қисман бартараф этишга имкон беради.
Қийинчиликлари
Машқни бажариш учун керак бўлган вақтни ҳисоблаш чиқиш.
7. Жаҳон янгиликлари ва маҳаллий янгиликлар
Таърифи
Машқни бажариш учун газеталар, ватман варағининг ўртасига маҳкамланган жаҳон харитасининг фотонусхаси ва ҳар бир гуруҳ учун елим керак бўлади.
- Ўқувчилар 4-5 кишидан иборат гуруҳларга бўлинадилар. Улар бир неча газеталарни кўриб чиқиб, дунёнинг бошқа бурчакларида рўй бераётган воқеалар бирон тарзда маҳаллий ҳамжамиятга ёки уларнинг мамлакати бошқа давлатларга таъсир кўрсатаётганини акс эттираётган мақолаларни қийиб оладилар. Бу мақолалар қуйидагилар тўғрисида бўлиши мумкин:
- Уларнинг мамлакати билан бошқа мамлакат ўртасидаги миграцияларга олиб келаётган иқтисодий ва сиёсий муаммолар;
- Уларнинг мамлакатига (ёки уларнинг мамлакати) таъсир кўрсатаётган экологик ифлослантиришлар;
- Уларнинг мамлакати ва бошқа мамлакат ўртасида мусиқа, озиқ-овқат маҳсулотлари, мода билан алмашиш;
- Бир мамлакатдан бошқа мамлакатга бораётган туристлар сонининг камайиши (кўпайиши);
- Уларнинг мамлакати ва бошқа мамлакат ўртасида озиқ-овқат ва гўшт маҳсулотларининг импорти/экспорти тўхтатилиши (қайта тикланиши);
- Уларнинг мамлакати ва бошқа мамлакат ўртасида ҳарбий ҳаракатлар;
- Уларнинг мамлакати ва бошқа мамлакат ўртасида савдо соҳасидаги рақобат;
- Спорт мусобақалари.
- Ўқувчилар бу мақолаларни ватман қоғозидаги жаҳон харитасининг атрофига елимлаб қўйиб, ҳар бир мамлакатни мазкур ахборот тааллуқли бўлган мамлакат билан боғлайдиган чизиқларни чизиб қўядилар.
- Ўқувчилар ўз ҳамжамиятларининг дунёнинг бошқа минтақалари билан бўлган алоқалар турларини намойиш этиш учун мақолаларни улар ўйлаб топган сарлавҳаларга нисбатан туркумлаштирадилар. Сарлавҳага савдо, туризм, ҳарбий алоқалар, маданий алмашув, миграция, атроф-муҳит ва ҳоказоларни киритилиши мумкин.
- Гуруҳлар бажарган ишларнинг тақдимоти.
- Синф қуйидаги саволларни муҳокама қилади:
- Сиз дунёнинг қайси минтақалари билан энг катта сонли алоқаларни топдингиз?
- Сиз жуда кам алоқа топган ёки умуман алоқа топмаган дунё бурчаклари ҳам мавжудми? Нима учун бундай бўлди?
- Қандай турдаги алоқалар кўпроқ учрайди?
Фойдаланиш доиралари
Табиий ва аниқ фанларни ўқитишда, топшириқлар маълум ўқув мавзусига ва маълум ёшдаги ўқувчилар гуруҳига мослаштирилгандан кейин.
Афзалликлари
Дунёнинг турли бурчаклари билан боғлайдиган чизиқлар замонавий глобал масалаларнинг ўзаро боғлиқ/тизимли табиатининг ишончли рамзи ҳисобланади. Ушбу машқ жаҳон ҳамжамиятининг муносабатларини, ўқувчилар бирмунча дастлабки ишларни амалга оширишга улгурган мавзуларнинг ўзаро муносабатларини ўрганиш учун жуда қулайдир. Қийинчиликлари
Катта ресурсларни талаб этади.
- Импульс – плакат
Таърифи
Ҳар бир иштирокчи учун ватман варақлари ва маркерлар керак бўлади.
- Столларнинг устига охиригача етказилмаган фикрлар ёзилган плакатлар қўйилган: «Ушбу мавзуда мени ҳаммасидан кўпроқ ….. қизиқтиради», «Мен шуни аниқлаштирмоқчи эдимки, …..», «Мен орттирган билимларимни …. қўллайман», «Ушбу мавзуни ўрганиш жараёнида мен…. эришдим», «Мен ….. тўғрисида кўпроқ билиб олмоқчи эдим», «Мен учун ….. мураккаб бўлди», «Менга …..ёқди».
- Иложи бўлса, машқ жараёнида хотиржам, паст овозда мусиқа янграб турсин.
- Иштирокчиларга барча плакатларни айланиб ва кўриб чиқиб, бошлаб қўйилган фикрлар устида ўйлаб кўриш ва шу плакатларнинг ўзида давом эттириб охиригача етказиш таклиф этилади.
- Тахминан 15 дақиқадан сўнг плакатлар илиб кўйилади. Фикрлар эшиттириб ўқилади, керак бўлса аниқлаштирувчи саволлар берилади. Иштирокчилар ўз фикрларининг остига исмларини ёзиш ёки аноним бўлиб қолишни ўзлари ҳал қиладилар.
Фойдаланиш доиралари
Табиий ва аниқ фанларни ўқитишда, ўқувчиларнинг билимлари, қизиқишларини текшириш ва аниқлаш учун.
Афзалликлари
Анонимлик ўқувчилар бошқа вазиятда сукут сақлашни афзал кўриб айтмаган фикрларини баён этишга ёрдам беради. Бу машқда баён этилган умидлар ва истаклар ўқитувчига келгусида машғулотларни режалаштириш ва ўтказиш вақтида ўз ҳаракатларини тўғрилашга имкон беради.
Қийинчиликлари
Агар ўқувчилардан уларнинг қизиқишлари ва қийинчиликлари тўғрисида сўраб, лекин келгусида бу маълумотларни эътиборга олмасангиз, улар ўзларини қандайдир сўроқ қилинган, бироқ жиддий қабул қилинмаган одамлардек сезишлари мумкин.
- Шкалалаштириш
Таърифи
Бир варақ қоғозда икки қутб: “жуда кўп” ва “жуда кам” томонларга эга бўлган шкала чизилади (Шкаланинг узунлиги эркин равишда ўқитувчи томонидан белгиланиши мумкин). Иштирокчиларга муҳокама қилинаётган мавзу бўйича шкалада, ўз хабардорлиги ва билимдонлигига қараб, бир нуқта чизиб (қўйиб) қўйиш таклиф этилади. Машқ якунида ўқитувчи хулоса чиқаради.
Изоҳ:
Иштирокчилар мавзу кўриб чиқилгандан кейин яна бир бор ўзларининг нақадар билимдонликларини белгилашлари учун шкалалаштириш такроран ўтказилиши мумкин.
Мавзуни ўрганиш жараёнининг бошида белгилаб қўйилган шкала энг охирги белгиланган шкала билан солиштирилади, ва гуруҳнинг масала ёки мавзуни тушуниш ёки ўзлаштиришда олға ҳаракатланиши белгилаб қўйилади.
Фойдаланиш доиралари
Табиий ва аниқ фанларни ўқитишда, ўқувчиларнинг ўрганилаётган мавзу бўйича билимлари ва тажрибасини аниқлаб олиш учун.
Афзалликлари
Бу жараёнга барча ўқувчиларни жалб қилади, ўқувчиларнинг у ёки бу ўқув мавзуси борасидаги билимларини аниқлаш, уларнинг ўсиши, маълум мавзуни ўзлаштиришда олға силжишларини кузатишга имкон беради.
Қимйинчиликлари
Ўқувчиларнинг ўз билимларини баҳолашдаги нохолислиги, баҳолашнинг иложи йўқлиги.
- «Мозаика» (терма иш)
Таърифи
Бу иш тўрт босқичда амалга оширилади (ҳар босқичнинг давомийлиги 10 дақиқагача). Иштирокчилар олдиндан тайёрлаб қўйилган ва ҳар бир столга қўйилган ҳарфли индекслар (А, В, С) билан белгиланган карточкалар бўйича учликларга бўлинадилар.
- Ўқитувчи учликларга топшириқ беради: масалан, бирон мавзу бўйича тезислар тузиш, ўрганилаётган ҳодиса ёки воқеанинг ўзига хос хусусиятларини аниқлаш, ўрганилаётган мавзу бўйича бошқа гуруҳ ўқувчилари учун саволлар тайёрлашни таклиф қилади. Натижада учликнинг ҳар бир ўқувчисида кичик гуруҳда келишилган қарор ёзилган варақ ҳосил бўлади.
- Иккинчи босқичда иштирокчилар бошланғич гуруҳларини тарк этиб, ҳарфли индексларни бирлаштириш (А-А; В-В ва ш.ў.) асосида муваққат жуфтликларни ҳосил қиладилар. Жуфтликларда иштирокчилар бошқа таклифлар билан танишадилар, ўз ечимлари конспектини тўлдирадилар ва аниқлаштирадилар, зарур бўлса – икки турли гуруҳларнинг ёндашувларини ўзида мужассамлаштирадиган янги конспектни тузадилар.
- Навбатдаги босқич шакли бўйича аввалги босқични деярли такрорлайди: барча иш “ҳарфлар бирлиги” асосидаги жуфтликларда, бироқ янги шериклар билан олиб борилади. Шу тариқа, учинчи босқич якунига келиб ҳар бир иштирокчи муаммони ҳал қилишнинг кўп вариантли конспектига эга бўлади.
- Якунловчи босқичда иштироркчилар дастлабки учликларга қайтадилар, ва бошқа гуруҳларнинг фикрини била туриб, энг тўлиқ қарорни қабул қилиш, ўз нуқтаи назарига “сайқал бериш” имконига эга бўладилар.
Фойдаланиш доиралари
Табиий ва аниқ фанларни ўқитишда.
Афзалликлари
Ушбу услубият ўқитувчига ечилаётган масалаларнинг вариативлигини, яъни бир неча йўллар орқали ечиш мумкинлигини намойиш этишга имкон беради. Айни пайтда, ўқувчилар диққатини бу жараёнда “тўғри” ва “нотўғри” ечимлар бўлиши мумкин эмаслигига қаратиш лозим. Таклиф этилган ҳар бир вариантда оқилона фикр мужассамлашган, фақат уни “ўстириш”, яъни ривожлантириш лозим.
Қийинчиликлари
Катта вақт ажратилишини талаб қилади, шунинг учун ўқитувчига ушбу машқни дарсга мослаштириш ёки белгиланган вақтга қатъий риоя қилиш лозим.
- «Классик жуфтликлар» ( «Классик учликлар»)
Таърифи
Иштирокчиларга устига ўзаро классик ёки барчага маълум боғлиқликка эга бўлган тушунчалар, одамлар фамилиялари, эртак ва фольклор қаҳрамонларининг номлари ёзилган (босиб чиқарилган) кичик карточкалар тарқатилади.
Масалан, классик жуфтликлар:
Функция- жадвал
Парабола- гипербола
Электрон – протон
Кенглик- узунлик
Биссектриса – бурчак
Ньютон- олма
Гейль- Люсак
Бойль- Мариотта
Классик учликлар:
Қуёш-ҳаво-сув
Минус-плюс-модуль
Медиана- баландлик- биссектриса
Сўзлар тартибсиз аҳволда бир варақ қоғозга ёзилган, масалан, плюс, парабола и ш.ў. Ўқувчилар шу сўзлар орасида классик жуфтлик ёки учликни топиб, тузишлари ва ана шу боғлиқликни асослаб беришлари керак. Машқ ҳам индивидуал тартибда, ҳам кичик гуруҳларда ўтказилиши мумкин.
Фойдаланиш доиралари
Табиий ва аниқ фанларни ўқитишда.
Афзалликлари
Ушбу машқ ўқувчиларга мактабда ўрганиладиган фанлар ўртасидаги боғлиқликни аниқлашга ёрдам беради, ўқувчилар бирмунча дастлабки ишни бажаришга улгурган мавзулар ўртасидаги алоқани ўрганиш учун жуда қулай имкон яратади.
Қийинчиликлар
Аниқланмаган.
- Панелли мунозара
Таърифи
Катта гуруҳда ўтказилади (40 киши ва ундан ортиқроқ):
- Мунозара муаммоси ўқитувчи томонидан ифодаланади;
- Ўқувчилар 5-6 кишидан иборат кичик гуруҳларга бўлиниб, аудиторияда доира шаклида жойлашадилар;
- Ҳар бир гуруҳ аъзолари мунозара давомида уларнинг нуқтаи назарини ҳимоя қиладиган вакилни ёки раисни танлаб оладилар;
- Муаммо кичик гуруҳда 15-20 дақиқа давомида муҳокама этилиб, умумий нуқтаи назар ишлаб чиқилади;
- Гуруҳлар вакиллари доира ўртасига тўпланиб, гуруҳнинг нуқтаи назарини ҳимоя қилиш учун гуруҳ фикрини баён этиш имконига эга бўладилар. Қолган иштирокчилар муҳокама жараёни ва кичик гуруҳлар вакиллари умумий нуқтаи назарни қанчалик аниқ ифодалаётганлари кузатадилар. Улар ўз фикрларини баён этишлари мумкин эмас, лекин муҳокама давомида ўз мулоҳазаларини ёзиб қўйган кичик мактубларни узатиш имконига эга бўладилар;
- Гуруҳлар вакиллари бошқа аъзолар билан маслаҳатлашиб олиш учун танаффус олишлари мумкин;
- Панелли муҳокама ажратилган вақт тугаганидан сўнг ёки қарор қабул қилинганидан кейин якунланади;
- Мунозара тугаганидан сўнг гуруҳлар вакиллари муҳокама қандай кечганлиги юзасидан танқидий мулоҳаза юритадилар, қарорлар эса барча иштирокчилар томонидан қабул қилинади.
Фойдаланиш доиралари
Кўпроқ табиий фанлар дарсларида қўлланилади.
Афзалликлари
Иштирокчиларга берилган муаммо бўйича фикр алмашиш ва уни ҳал қилиш учун ўз нуқтаи назарини баён этиш имконини беради. Таҳлилий фикрлаш қобилиятини ривожлантиради.
Қийинчиликлари
“Панелли мунозаранинг” барча иштирокчилари муҳокама қилинаётган муаммони ечишдан манфаатдор бўлишлари муҳим аҳамиятга эга, чунки фақат шундагина аудитория эътибори бегона нарсаларга чалғиб кетмайди.
- Ғоявий чархпалак
Таърифи
- Кичик гуруҳнинг (4-5 кишидан иборат) ҳар бир иштирокчисига тоза оқ варақ берилади ва бир хил савол берилади (зарур бўлганда ўқитувчи гуруҳнинг ҳар бир иштирокчиси учун турли саволларни тайёрлаши ва таклиф қилиши мумкин). Барча иштирокчилар оғзаки фикр алмашмасдан, ўзларининг варақларида саволларга бўлган жавобларнинг ўз-ўзидан ақлга келиб қоладиган ифодаларини ёзадилар.
- Ифодалар ёзилган варақлар вақт танқислиги сабабли соат милларининг ҳаракатланиши бўйича кичик гуруҳдаги қўшниларга узатилади. Бундай варақни олгандан сўнг ҳар бир иштирокчи варақда мавжуд ёзувларни такрорламасдан, янги ёзув киритиши лозим. Ҳар бир иштирокчининг варағи яна ўзига қайтиб келгандан сўнг иш якунланади. Ушбу босқичда ёзувлар таҳлил қилинмайди, баҳоланмайди ва танлаб олинмайди (ушбу услубиятнинг «ақлий ҳужум» билан айрим ўхшашлиги ана шунда намоён бўлади).
- Кичик гуруҳларда иштирокчилар томонидан ифодаланган жавоблар ва таклифларнинг муҳокамаси ўтказилиб, уларнинг энг муҳимлари ва долзарблари якуний рўйхатга киритилади.
- Кичик гуруҳлар ишланмаларининг натижалари билан алмашиш. Барча кичик гуруҳлар навбатма-навбат якуний рўйхатдан ўз ифодаларини таклиф этадилар. Агар бу ифода юзасидан бошқа гуруҳлар эътироз билдирмасалар у охирги рўйхатга киритилади.
Фойдаланиш доиралари
Табиий ва аниқ фанларни ўқитишда, топшириқлар маълум ўқув мавзусига ва маълум ёшдаги ўқувчилар гуруҳига мослаштирилгандан кейин.
Афзалликлари
Таклиф этилган масалаларни изчил муҳокама қилишни ташкил этиш, сўнг жамоа бўлиб қарорни қабул қилиш; билимларни долзарблаштириш ва мавжуд тажрибани аниқлаш.
Қийинчиликлари
Агар иштирокчилардан бири ушбу мавзу бўйича яхши тайёрланмаган бўлса, у бутун жараённи тўхтатиб қолиши мумкин. Мазкур вазиятда ўқувчига муҳокама этилаётган масалалар бўйича дарсликдан ёки бошқа адабиётдан фойдаланишга рухсат бериш мумкин, лекин бу унинг баҳосига албатта таъсир кўрсатиши тўғрисида огоҳлантириб қўйиш керак.
- Жойнинг рельефи
Таърифи
Синф 4-5 кишидан иборат гуруҳларга бўлинади.
- Ҳар бир иштирокчи 3-5 дақиқа давомида муайян мавзуни ўрганиш жараёнидаги ўз ютуқлари ва муаммолари тўғрисида сўзлаб беради. Гуруҳдаги дўстлари (имкон қадар) ушбу гуруҳ болаларида мавжуд бўлган муаммоларни енгиб ўтишга ёрдам берадилар. Шундан сўнг гуруҳ учун умумий бўлган позициялар белгиланади.
- Гуруҳ ўз плакатида қуйидагилар акс эттирилган жой рельефини чизади:
- Чўққилар, тоғлар мавзу бўйича яхши билимлар, қобилиятлар ва шахсий тажрибани англатади (аниқ кўрсатилади);
- Чўнқирликлар, пастликлар, ғорлар ушбу масала бўйича муваффақиятсиз тажрибани, юзага келган кийинчиликлар ёки билимлар етишмаслигини англатади.
- Тақдимотдан сўнг бўладиган муҳокамадан кейин синфда ўрганилаётган мавзу бўйича мавжуд муаммоларни енгиб ўтишнинг аниқ йўллари белгиланади.
Фойдаланиш доиралари
Табиий ва аниқ фанларни ўқитишда муайян мавзу бўйича умумлаштириш дарсларида яхши самара беради.
Афзалликлари
Жараёнга барча ўқувчиларни жалб қилади; муайян ўқув фани бўйича ўқувчиларнинг билимлари, ютуқлари ва қийинчиликларини аниқлайди. Дўстлари билан ўзаро муносабатлар қуришга, бир-бирига ёрдам беришни ташкил қилишга ёрдам беради.
Қийинчиликлари
Плакатга ёзиб олиш керак бўлган ахборотни ифодалашда қийинчиликларга дуч келиш мумкин. Бундай вазиятда ўқитувчига ўқувчилар дарс вақтида фойдалана оладиган клишеларни тайёрлаш керак.
- Ассоциациялар
Таърифи
Ўқувчиларнинг ҳар бир гуруҳига бўлажак мавзуни ўрганиш билан боғлиқ бўлган сўз ёки гап ёзилган плакат берилади. Унинг қуйига ўқувчилар ана шу сўз ёки гап уларнинг кўзлари олдида гавдалантирадиган тасаввурларини ёзиб қўядилар. Масалан: плакатда вертикал йўналиш бўйича танланган мавзу билан боғлиқ бўлган тушунча ёзилади. Ушбу сўзнинг ҳар бир ҳарфига иштирокчилар ўз тасаввурларини баён қиладилар ва ёзадилар. Масалан:
М – муаммо, мулоқот, мантиқ, мисол, масала…
У – уддаламоқ, узлуксиз, уйғунлаштирмоқ….
Н – назария, нажот, навбаҳор, нафосат…
О – оқилоналик, омил, омма, онг…
З – зимма, зукко, замон, зарар, зийнат…
А – ахборот, агротехника, ажойибот, авайлаш…
Р – режа, равнақ, рағбат, рақам, раҳнамо…
А – аҳамият, аҳвол, ақл, аҳиллик, афзаллик…
Турли гуруҳларда бўлажак мавзуни ўрганиш билан боғлиқ бўлган ҳар хил сўзлар бўлгани мақсадга мувофиқдир. Барча плакатлар илиб қўйилади, ўқиб эшиттирилади, лекин изоҳлаб берилмайди.
Фойдаланиш доиралари
Табиий ва аниқ фанларни ўқитишда.
Афзалликлари
Мулоҳаза юритиш жараёнига барча ўқувчилар фикрини жалб қилиш, иштирокчиларнинг эмоционал ҳолати.
Қийинчиликлари
Аниқланмаган.
- Умумий шовқин-сурон
Таърифи
«Шовқин-сурон» 3 кишидан 6 кишигача бўлган жуфтликлар ёки гуруҳларда ўтказилади.
Мавзу тушунтирилгандан сўнг ёнг ўқувчилар бирон мавзу бўйича чиқиш қилганларидан кейин гуруҳдаги ўқувчилар 5 дақиқа давомида ҳозиргина баён этилган ёки намойиш қилинганлар бўйича ўз фикрларини айтишлари мумкин. Ўқувчилар нималарни ҳис қилаётганлари, нималар ҳақида ўйлаётганлари тўғрисида баён қилишлари ёки тушунмаган нарсалар бўйича бир-бирига савол беришлари мумкин. Шундан кейин гуруҳларни ёки жуфтликларни ўз фикрлари билан бутун синф билан ўртоқлашишни ёки савол беришларини илтимос қилиш мумкин.
Фойдаланиш доиралари
Табиий ва аниқ фанларни ўқитишда, топшириқлар маълум ўқув мавзусига ва маълум ёшдаги ўқувчилар гуруҳига мослаштирилгандан кейин.
Афзалликлари
“Умумий шовқин-сурон” дарс суръатини ўзгартириш учун фойдалидир. Масалан, ўқитувчи узоқ сўзлаганидан сўнг. Бу гуруҳлардаги ўқувчиларга ўзаро сўзлашиш ва эътиборларини жалб қилишга имкон беради.
Қийинчиликлари
Машқ ўтказиш вақтида шовқин-сурон кўтарилади. Ўқитувчи синфда тезда ўқув интизомини ўрнатишга эришиши мумкин бўлган усулларни олдиндан ўйлаб қўйиши лозим.
- Сўзли тасаввурлар
Таърифи
- Ўрганилаётган масала билан боғлиқ бўлган энг асосий сўзни олинг.
- Ўқувчилардан улар бу сўзни эшитганларида хаёлларига келадиган бошқа сўзларни тез ёзишини илтимос қилинг. Бу атиги 2-3 дақиқа сарфланадиган жуда қисқа машқ.
- Биронта сўзни ҳам ёзмаслик мумкинлиги юзасидан изоҳ беринг. Натижада ўқувчилар дастлабки сўз билан тасаввур қиладиган турли сўзлардан иборат “бир лаҳзалик сурат” ҳосил бўлади.
- Мавзу ўрганиб бўлингандан сўнг ҳар бир ўқувчидан улар ушбу мавзу бўйича нима деб ўйлаши ёки ҳис қилишини бир сўз билан ифодалашни илтимос қилинг. Ушбу мавзуга тегишли бўлган сўзни мисол келтиришни сўранг. Синф айланиб, бундай сўзларни йиғиб чиқинг. Бир ёки икки нафар ўқувчилардан ушбу сўзларнинг рўйхатини тузишни илтимос қилинг.
Фойдаланиш доиралари
Ушбу усул мавзуни ўрганиш жараёнининг бошида ўқувчилар мавзу бўйича нималарни билишларини, ҳамда бу жараён охирида – ўқувчилар қандай янгиликларни билиб олганларини аниқлаш мақсадида қўлланилиши мумкин.
Афзалликлари
Бундай усул ўқувчиларга ўзларининг шахсий ривожини кўришга, сизга эса – сиз бераётган таълим сифатини баҳолашга ёрдам беради.
Қийинчиликлари
Машқ учун ажратилган вақтга қатъиян амал қилиш лозим. Жараённинг чўзилиши машқ моҳиятини ўзгартириши мумкин.
- Светофор
Таърифи
Маълум мавзуни ўрганиш вақтида ўқитувчи у бўйича тезисларни тайёрлайди (5-7та, мавзунинг мураккаблигига қараб). Тезислар навбатма-навбат доскага ёзилади (тасвири туширилади ёки олдиндан тайёрланган плакатлар шаклида илиб қўйилади). Ўқувчиларга ўйлаб чиқиш учун 1 дақиқа вақт берилади. Сўнг тезис билан рози бўлган ҳар бир ўқувчи яшил карточкани кўтаради; рози бўлмаган – қизил карточкани; иккиланаётган ёки қарор қабул қилишда бетараф бўлишни хоҳлаётган – сариқ карточкани юқорига кўтаради. Агар иштирокчилар фикри асосан бир-бирига мос келадиган бўлса, ўқитувчи навбатдаги тезисга ўтади. Агар тезис муҳокама қилинишни талаб қилса, иштирокчилардан ўз қарорларини асослаб бериш илтимос қилинади.
Фойдаланиш доиралари
Табиий ва аниқ фанларни ўқитишда, топшириқлар маълум ўқув мавзусига ва маълум ёшдаги ўқувчилар гуруҳига мослаштирилгандан кейин.
Афзалликлари
Ушбу машқ барча ўқувчиларнинг фикрини билиб олишга имкон беради: ҳеч ким оддийгина томошабин бўлиб қолмайди. Иштирокчиларнинг кўпчилигида машқ бошланганидан кейин бироздан сўнг нуқтаи назардаги тафовутлар сабабларини билиш ва ўз фикрини асослаш бўйича кучли қизиқиш пайдо бўлади. Ўқувчиларнинг нутқини, ўз нуқтаи назарини ҳимоя қилиш, асослаш қобилиятини ривожлантиради.
Қийинчиликлари
Агар вақт чекловлари сабабли мунозара ўтказишга имкон бўлмаса, ушбу услубдан фойдаланиш керак эмас. Агар тезисларнинг кўпчилиги бўйича иштирокчилар фикри бир-бирига мос келса, машққа бўлган қизиқиш тезда йўқолади. Машқ ўтказиш учун ресурсларни пухталик билан тайёрлашни талаб қилади.
- Лойиҳалар
Таърифи
Лойиҳалар – бу ўқувчилар томонидан узоқ вақт давомида турли мавзуларни мустақил равишда ўрганиш бўлиб, бу жараён охирида улар ўз ишларини тақдим этадилар.
Лойиҳалар маълум босқичларга эга. Барча босқичларда энг муҳими – ўқувчига ўзининг таълим олиши учун жавоб беришга рухсат этишдан иборат.
- Мавзу ёки муаммо.
Ўқитувчи томонидан белгиланиб, синфга танлаб олиш асосида тақдим этилиши мумкин, масалан, “ақлий ҳужум” йўли билан. Масала ёки муаммо ўқувчиларда бевосита қизиқиш уйғотадиган бўлса, соз бўлади. Ўқувчилар мавзуни ўрганиш жараёнида “адашиб” қолмасликлари учун, масала аниқ қўйилиши лозим.
Ўз навбатида, сиз лойиҳа устида ишлаш бўйича бирон алоҳида услубни ёки ўқувчилар ўз ишларида қўллашлари мумкин бўлган техник мосламаларни таклиф қилишингиз мумкин. Масалан, магнитофон.
- Режалаштириш.
Ўқитувчилар ва ўқувчилар лойиҳа устидаги ишлар қачон бошланиши, қанча вақт эгаллаши, қандай ресурслар қўлланилиши, улар қаердан олиниши, ўқувчилар битта-битта бўлибми ёки гуруҳларда ишлайдиларми, бир хил ёки ҳар хил мавзулар бўйичами – ҳал қилишлари лозим. Тадқиқотлар ўтказиш тажрибасига эга бўлмаган ўқувчиларга гуруҳларда ишлаш осонроқ бўлса керак. Ушбу босқичда лойиҳа қандай якунланишини ҳал қилиш муҳим аҳамиятга эга.
- Материал йиғиш, услублар.
Лойиҳа устида ишлаш тез вақтда турли кўникмаларни сингдиради. Масалан, соғлом турмуш тарзига тегишли бўлган тадқиқотчилик лойиҳаси микроҳудуд яшовчилари олдига, поликлиникага ташриф буюришлар, интервью, адабиёт ўрганиш, фотосуратга олиш, статистика маълумотларини йиғиш ва материални таҳлил қилиш каби жараёнларни ўзига киритиши мумкин. Ижодий лойиҳани бажариш учун техник кўникмалар ва қобилиятлар, масалан, видеокамера билан ишлаш; транспарант ва плакатларни тайёрлаш учун – бадиий кўникмалар керак бўлиб қолиши мумкин. Ўқувчилардан тадқиқотчилик, ижтимоий ва ижодий каби қобилиятларнинг барчасини талаб этадиган лойиҳалар энг яхши ҳисобланади. Ушбу босқичда ўқитувчи саволларга жавоб бериши ёки маслаҳат бериши мумкин, лекин ўқувчилар ўз ишларини бажариш учун ўзлари жавоб беришлари керак.
- Тадқиқот натижаси.
Бу ҳисобот, фильм, кўргазма, аудиокассета, маъруза, расм, шеър бўлиши мумкин. Бажарилган иш нафақат ўқувчилар тадқиқотларининг натижасини, балки уларнинг лойиҳа устидаги ишларининг турли босқичларини ифодалаши; ўқувчилар ўрганилаётган мавзуга нисбатан қандай ҳиссиётларни бошдан кечирганларини акс эттириши мақсадга мувофиқ бўлади. Мисол учун, ўз шаҳарларида алкоголизмга қарши плакатлар кампаниясини ўтказган ўқувчилар ўзларининг иш устидаги фотосуратларини тақдим этишлари ва қандай қилиб плакатлар дизайнини танлаганлари ва тузганлари тўғрисида ёзишлари мумкин.
Иш синфга ёки янада кенгроқ аудиторияга тақдим этилиши мумкин. Масалан, сизнинг туманингизда атроф-муҳитни сақлашга тегишли бўлган лойиҳа маҳаллий газетани қизиқтириб қолиши мумкин ёки муниципал ҳокимият атроф-муҳитга етказилган зарар тадқиқ этилган ишларнинг натижалари билан танишишни истаб қолишлари мумкин.
Баҳолаш.
Лойиҳалар одатда кўп предметларни қамраб олиши сабабли, эҳтимол, ишларни бир неча ўқитувчиларга баҳолашга тўғри келиши мумкин. Лойиҳада қўлланилган турли кўникмалар ва қобилиятлар ҳам баҳоланиши лозим, бундай баҳолаш фақат академик билимлар асосида бажарилиши керак эмас.
Фойдаланиш доиралари
Табиий ва аниқ фанларни ўқитишда, топшириқлар маълум ўқув мавзусига ва маълум ёшдаги ўқувчилар гуруҳига мослаштирилгандан кейин.
Афзалликлари
- Ўқувчиларга алоҳида предметлар ўртасидаги, мактабдаги машғулотлар ва ташқи дунё ўртасидаги алоқани кўришга ёрдам беради.
- Ўқувчиларни бирон фаолиятни олиб бориш, ўз вақтини режалаштириш ва жадвал бўйича ишлаш учун ўз-ўзини ташкиллаштиришга ўргатади.
- Ўқувчиларга ўқитувчи бошчилигида таълим олиш жараёнини бошқаришга имкон беради.
- Ўқувчилар ҳам бир-бири билан, ҳам мактабдан ташқарида турли одамлар билан ҳамкорлик қилишлари учун имкон яратади.
- Ўқувчиларни ўз тадқиқотларининг натижаларини ва ўз фикрини ифодалаш ва омма олдида ҳимоя қилишга ўргатади, ва бу ўқувчилар ҳуқуқларини тарғиб этишда муҳим кўникма ҳисобланади.
Judayam zoʻr metodlar.Qoyil
Rahmat minnatdorman